Жорий йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида (Москва шаҳрида) ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.
Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад – икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар тақдимотини ўтказишдан иборатдир.
Энг эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбир икки мамлакат тадбиркорлик доиралари вакиллари учун “B2B” “B2G” форматидаги учрашувларни ўтказиш учун қулай платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
Нуфузли кўргазма-ярмарка очилиши маросимида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов ҳамда Россия ресторатор ва отельерлари Федерацияси Президенти И.Бухаровлар сўзга чиқиб, бундай тадбирлар ҳар икки мамлакат иқтисодиётига кўрсатиши мумкин бўлган ижобий таъсири ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирдилар.
Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтган ушбу кўргазма-ярмарка ишида BMB Trade Group компанияси вакиллари ҳам иштирок этиб, компания Ўзбекистонда хорижий ҳамкорлар билан амалга ошириб келаётган лойиҳалар юзасидан тақдимот ўтказдилар.
Маълумки BMB Trade Group компанияси сўнгги йилларда Россия Федерацияси тадбиркорлари билан экспорт-импорт операциялари ҳусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорти кенг кўламда амалга ошириб келинмоқда. Эндиликда ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги бозорларни забт этиш ва ресторан бизнесига мамлакатимизда кластер тизимида етиштирилган маҳсулотларни етказиб бериш масаласида бир қатор музокаралар бўлиб ўтди.
Шу билан бирга, компаниямиз вакиллари BMB Za’faron бренди остидаги табиий заъфарон маҳсулоти ҳамда мамлакатимизда етиштирилаётган турли ҳил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳам иштирокчиларни атрофлича таништириб ўтдилар.
Ўз ишини давом эттираётган кўргазма-ярмарка янгиликлари ҳақида кейинги сонларимизда хабардор қилиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!