Жорий йилнинг 4 июль куни пойтахтимизнинг “International hotel” меҳмонхонасида Ўзбекистон-Корея ишбилармон доиралари ўртасида B2B форматида учрашувлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этган ушбу тадбирда қурилиш материаллари ва инжиниринг, туризм ва меҳмонхона бизнеси, автомобилсозлик ва эҳтиёт қисмлари, косметология, соғлиқни сақлаш, IT соҳаси, экспорт-импорт савдоси, логистика каби фаолият йўналишларида иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари иштирок этдилар.
Бугунги кунда юртимизда бизнеснинг кенг жабҳаларида фаол иш олиб бораётган BMB Trade Group компанияси вакиллари ҳам ушбу тадбирда иштирок этдилар.
Хусусан, компаниямиз вакиллари Корея Республикасидан ташриф буюрган бир қатор ташкилотлар вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш ва мамлакатимиз иқтисодиёти учун фойдали бўладиган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказдилар.
Шу билан бирга, компаниямиз вакиллари томонидан 2021 йилда Жанубий Кореянинг KGH компанияси билан заъфарон маҳсулотини экспорт қилиш бўйича шартнома имзоланганини ҳам айтиб ўтиш лозим. Бугунги форумда ҳам юртимизга илк бор ташриф буюрган кореялик тадбиркорлар билан компаниямиз томонидан етиштириб келинаётган заъфарон ва бошқа маҳсулотлар экспорти масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.