Сўнгги йилларда мамлакатимизда янги авлод кадрларини мақсадли тайёрлаш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш, замонавий таълим дастурларини яратиш, шунингдек ишлаб чиқаришдаги бошқарув тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур долзарб вазифаларни амалга оширишда хусусий сектор вакиллари ҳам четда қолаётгани йўқ. Хусусан, BMB Trade Group компанияси мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналари самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга мос равишда, инсон ресурсларини бошқаришнинг замонавий тизимлари асосида рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ва улар билан ишлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Тошкент Давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорлик ҳақида Меморандумни имзолади.
Меморандум жорий йилнинг 10-сентябрь куни BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ректори Қонгратбай Шариповлар томонидан имзоланди.
Ушбу келишув билан компания ва олийгоҳ ўртасида таълим ва амалиёт, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил фаолияти ва бошқа бир қатор йўналишларда кенг ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Жумладан, мазкур ҳужжат асосида университет битирувчиларини иш билан таъминлаш, таълим ва илм-фан соҳасида инновацион ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, университетнинг илмий ходимлари, педагоглари, талаба ва магистрантларини BMB Trade Group компанияси тизимида амалиётларини ташкил қилиш ва бошқа бир қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланди.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган ушбу учрашувда томонлар юқорида қайд этилган масалаларга қўшимча сифатида келажакда компаниянинг малакали мутахассислари томонидан талабаларга маҳорат дарсларини ўтиш, ўқув биносида “Saffron Нall” ташкил этишга келишиб олдилар.