Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 сентябрь куни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари таҳлил қилиниб, соҳа учун янги имкониятлар яратиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган эди.
Мазкур видеоселекторда юртбошимиз томонидан берилган топшириқлар ижросини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов жорий йилнинг 10-сентябрь куни Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида “BMB-NRC Agrologistics” қўшма корхонаси томонидан барпо этилаётган замонавий Агрологистика комплекси фаолиятини ўрганди.
Ташриф давомида вазир Агрологистика комплекси ҳудудида ташкил этилаётган ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланган музлатгич омборлари қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Қишлоқ хўжалиги вазири томонидан мазкур Агрологистика комплекси қурилиши экспортчилар учун бир қатор қулайликлар, хусусан, божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга ва маҳсулотларни қисқа вақт ичида манзилларига етказиб беришга шароит яратиб берган ҳолда, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб хисса қўшиши, Жиззах вилоятида амалга оширилаётган бу каби бунёдкорлик ишлари иқтисодиётимизнинг ўсишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши алоҳида эътироф этиб ўтилди.


