Жорий йилнинг 25-октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев ва BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Франция ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида George V International компанияси Бош директори Давид Андре Азулай билан ҳам музокаралар бўлиб ўтди.
Натижада George V International ва BMB TRADE GROUP компаниялари ўртасида BMB Za’faron маҳсулотини Франция бозорларига экспорт қилиш юзасидан ҳамкорлик шартномасини имзолаш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, EUROUZ Ассоциацияси кўмагида Ўзбекистон-Франция ишбилармонлар миссияси собиқ раҳбари Кристоф Фонтен билан ҳам жонли мулоқот бўлиб ўтди.
Бўлиб ўтган учрашувлар давомида Ўзбекистон ва Франция мамлакатлари ўртасида турли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ўтказилган учрашувлар самарали натижалар бериб, BMB TRADE GROUP компаниясининг халқаро савдо-иқтисодий фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
BMB TRADE GROUP делегацияси ўз ишчи сафарини давом эттириб, навбатдаги Европа давлати Бельгияга қараб йўл олди.