Жорий йилнинг 22-24 октябрь кунлари BMB Trade Group делегацияси Италиянинг Милан шаҳрига ташриф буюриб, у ерда ҳамкор компаниялар вакиллари билан бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказди. Шу билан бирга, делегация аъзолари машҳур AC Milan ва AC Мonza клублари ўртасида бўлиб ўтган футбол ўйинига ҳам ташриф буюрдилар.
Шунингдек, делегация раҳбари Бекзод Маматқуловнинг Berlusconi инвестициявий жамғармаси президенти Паоло Берлускони ҳамда Италия Республикаси сенатори, AC Monza клуби бошқарувчиси Адриано Галлиани билан учрашувлари бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтиш жоизки, компания италиялик ҳамкорлар билан бир қанча вақт аввал имзолаган ҳомийлик шартномасига кўра, AC Milan ва AC Monza футбол клублари юқори сифатли заъфарон ORO ROSSO MILANO миллий брендини тарғиб қилиб келмоқда.
Ташриф доирасида, яъни жорий йилнинг 23-октябрь куни BMB Trade Group компанияси делегацияси аъзолари Chief Carlo Cracco ресторанига ташриф буюрдилар. Ушбу ресторан ўз мижозларига заъфарон қўшилган кенг ассортиментдаги таомларни таклиф этиши билан ҳам машҳурдир.
Бундан ташқари, делегация аъзолари шарафига Паоло Берлускони қароргоҳида зиёфат ташкил этилди. Унда Ўзбекистондан келтирилган маҳсулотлардан, жумладан “султонлар зиравори”, BMB Za’faron бренди остидаги маҳсулот қўшилган ҳолда миллий таомимиз бўлган палов тайёрланди.
Ўз навбатида, италиялик ҳамкорлар маҳсулотлар сифати ва дунёга машҳур ўзбек таомини юқори баҳоладилар.
Умуман олганда, BMB Trade Group ташрифи доирасида ўтказилган тадбирлар дўстона ва ишчан руҳда бўлиб ўтди.
24-октябрь куни BMB Trade Group компанияси делегацияси Франция ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказиш учун Париж шаҳрига жўнаб кетди.