BMB Trade Group компанияси ташаббуси билан Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Европа бозорларига экспорт қилинади

BMB Trade Group компанияси ташаббуси билан Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Европа бозорларига экспорт қилинади
Маълумки, юртимиз заминида унган ҳар бир маҳсулот ўзининг фойдали жиҳатлари ва кўрки билан дунё аҳли ҳамиша жалб этиб келмоқда.
Ўзбекистоннинг BMB Trade Group компанияси ва Германиянинг Mangold Consulting GmbH ва Landgard компаниялари ўртасида ҳамкорлик масалалари бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Жиззах вилоятида BMB Trade Group компанияси томонидан мева маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, бундан кўзланган муҳим мақсад – Жиззах вилоятининг Бахмал тумани далаларида етиштирилаётган заъфарон доривор ўсимлигини Ўзбекистон маҳсулоти сифатида дунё стандартларига муносиб равишда тайёрлаш ва қадоқлашдир.
Германиянинг Mangold Consulting GmbH ва Landgard компаниялари эса мазкур лойиҳага ҳамкор сифатида Европа сифат даражасига мос лаборатория ташкил этишни мақсад қилган. Шу орқали Ўзбекистондаги сараланган меваларнинг сифат даражаси текширилади ва тўғридан-тўғри Европага экспорт амалга оширилади. Бу орқали Германияга Хаб очилиб, Европанинг бошқа давлатларига чиқиш имкони яратилади.
Тадбирда Mangold Consulting GmbH компанияси бошқарувчи директори Кристоф Манголд, Landgard компанияси раҳбари Томас Биттел ҳамда BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов иштирок этиб, келгуси режалар хусусида музокаралар олиб борди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон делегация ҳамкорлик музокараларини олиб бориш учун Германиянинг Штутгарт шаҳрига ташриф буюрган эди. Ташриф давомида BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов Германиянинг Mangold Consulting GmbH компанияси президенти, профессор Клаус Манголд, ушбу компаниянинг бошқарув директори Кристоф Манголд ҳамда Landgard компанияси раҳбари Томас Биттел билан учрашган эди.
Бугунги ўзаро келишувлар эса истиқболдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, шу орқали BMB Trade Group компанияси ташаббуси билан Ўзбекистон мевалари Европа аҳли таомномаларини бойитиши шубҳасиз.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: