BMB TRADE GROUP Ўзбекистон тупроғида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини дунёга намоён этмоқда

BMB TRADE GROUP Ўзбекистон тупроғида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини дунёга намоён этмоқда

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари кўмагида BMB Trade Group компанияси делегацияси 22 октябрдан 2 ноябргача Италия, Франция, Бельгия, Испания, Нидерландия ва Германия давлатларида бўлиши режалаштирилган эди.

2 ноябрь куни делегация ҳамкорлик музокараларини олиб бориш учун Германиянинг Штутгарт шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф давомида BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов Германиянинг Mangold Consulting GmbH компанияси президенти, профессор Клаус Мангольд, ушбу компаниянинг бошқарув директори Кристоф Мангольд ҳамда Landgard компанияси раҳбари Томас Биттел билан учрашди.

Унда йирик бизнес доиралари вакиллари истиқболли қўшма инвестицион лойиҳалар ва экспорт масалаларини муҳокама қилишди.

Ўзаро учрашувдан бир неча самарали мақсадлар кўзда тутилган бўлиб, хусусан, Германиянинг йирик компаниялари билан Ўзбекистонда инвестиция ва савдо йўналишларида ҳамкорлик қилиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш, компания тизимидаги корхоналар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қишлоқ хўжалиги йўналишида етакчилигини инобатга олган ҳолда BMB Agroklaster негизида Европа стандартларига мос мева-сабзавотлар етиштиришни йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистондаги барча турдаги қуритилган меваларни Германия ички бозорига ва Германия орқали Европага сотиш каби масалалар алоҳида муҳокама қилинди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон тупроғида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари бутун дунёда ўзининг жозибаси ва фойдали жиҳатлари билан ажралиб туради.

Самимий учрашув давомида Mangold Consulting GmbH компанияси президенти, профессор Клаус Мангольд ўзаро ҳамкорликдан яхши натижалар кутаётганини қайд этди.

Истиқболли муҳокама ва музокаралардан мамнун бўлган BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов бугунги ўзаро ҳамкорлик эртанги самарали мақсадларга йўл очишидан умидворлигини таъкидлади.

Учрашув якунида жорий йилнинг ноябрь ойида германиялик компания вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш ва ҳамкорлик шартномасини имзолашга келишилди.

Умуман олганда, BMB Trade Group ва Mangold Consulting GmbH ўртасида эришилган “Штутгарт келишувлари” узоқ муддатли истиқболда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга ҳамда юртимиз экспорт салоҳиятини оширишга ўз муносиб хиссасини қўшиш учун мустаҳкам замин яратади.

Ҳамкорликда эришилган натижалар ҳақида маълумот бериб борамиз.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: