Сўнгги йилларда республикамизда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Европа векторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса экспорт географиясини янада кенгайтириш, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини ошириш ва умуман, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига замин яратади.
Бугун – 24 ноябрь куни Ўзбекистон ва Испания ишбилармон доиралари вакиллари, BMB Trade Group ва ACIR Southern Europe компаниялари раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Компания бош директори Мирғулом Усманов, ACIR Southern Europe бош директори Эдуард Гулян ва Марказий Осиё минтақавий директори Мигел де ла Круз ўртасида сармоявий, савдо-иқтисодий, консалтинг йўналишида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилаётган заъфарон фойдали жиҳатлари, харидоргирлиги билан испаниялик ҳамкорларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Бундан шуни англаш мумкинки, Испания бозорларида BMB Za’faron бренди остидаги маҳсулотлар юксак эътибор қозонишига шубҳа йўқ.
Музокаралар давомида компания раҳбарлари, Ўзбекистон ва Испания ишбилармон доиралари ўртасида мазкур йўналишда ўзаро манфаатли битимлар тузилди.
Шунингдек, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қиладиган комплекс режаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик келишувлари имзоланди.