BMB Trade Group миллий маҳсулотларни Саудия Арабистони бозорига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради

BMB Trade Group миллий маҳсулотларни Саудия Арабистони бозорига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради
Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси кўмагида BMB Trade Group Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов ва Саудия Арабистонининг Alkashef компанияси раҳбари Анвар Раҳил ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида компаниялар фаолияти, сармоявий ва экспорт салоҳияти ҳақида қисқача тақдимот ўтказилди.
Музокаралар чоғида қўшма экспорт лойиҳаларини амалга ошириш, Ўзбекистон билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги товар айирбошлашни кенгайтириш борасида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Alkashef компанияси асосан фармацевтика, озиқ-овқат ва косметология соҳасида 5000 дан ортиқ маҳсулотнинг дистрибютори ҳисобланади.
Бундан ташқари, у ўзининг транспорт-логистика имкониятларига ва ташқи бозорларга маҳсулот етказиб бериш базасига эга бўлиб, Филиппин, Мянма, Таиланд ва Малайзиядан маҳсулотлар импорт қилади.
Ўз навбатида BMB Trade Group Саудия Арабистони бозорига BMB Za’faron брендининг юқори сифатли маҳсулотларини экспорт қилади ва етказиб берилаётган янги, қуритилган мева маҳсулотлари турларини кенгайтириш ниятида.
Учрашув якунлари бўйича томонлар экспорт лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш, жумладан, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони бозорларида талаб юқори бўлган товарларни икки томонлама етказиб бериш, шунингдек, мавжуд транспорт-логистика имкониятларидан фойдаланиш бўйича келишувларга эришди.
Умуман олганда, мазкур келишувлар саудиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон-Саудия Арабистони савдо-иқтисодий муносабатлари тараққиётига хизмат қилади.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: