Жорий йилнинг 17-декабрь куни Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқуловларнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда вазирлик раҳбарига компания томонидан амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари ҳамда уларни янада кенгайтириш режалари тақдим этилди.
Жумладан, Бекзод Маматқулов Шароф Рашидов туманидаги замонавий Агрологистика мажмуаси қурилишининг бориши, Бахмал туманидаги йилдан-йилга кенгайиб бораётган заъфарон плантациялари, Арнасой туманидаги BMB Agro Trade қишлоқ хўжалиги кластери, шу билан бирга, Жиззах вилоятининг бир қатор туманларида фаолият юритиб келаётган BMB Agroklaster озиқ-овқат кластери ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирига компаниянинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича ишлаб чиқариш занжирини яратиш бўйича таклифи ҳамда Германия ишбилармон доиралари билан минтақада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Германия ва бошқа Европа бозорларига экспортини йўлга қўйиш учун хаб яратиш бўйича эришилган келишувлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Ўз навбатида, А.Воитов замонавий босқичда қишлоқ хўжалиги олдида турган устувор вазифалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтиб, BMB Trade Group компанияси томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларига, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, миллий маҳсулотларни жаҳон бозорига экспорт қилишни кенгайтириш йўлидаги ҳаракатларига юқори баҳо берди ва ушбу ишларни амалга оширишда ўз кўмагини кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар компания ва Вазирликнинг тармоқ бошқармалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олдилар.
Бундан ташқари, агрокластер олдида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича турган вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.