Россия Федерациясининг улгуржи маҳсулот тарқатиш марказлари тармоғи билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Россия Федерациясининг улгуржи маҳсулот тарқатиш марказлари тармоғи билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Аввал хабар берганимиздек, BMB Trade Group компанияси Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия бизнес форумида иштирок этди.
Шу йилнинг 2 декабрь куни форум давомида Россия ишбилармон доиралари вакиллари билан B2B форматида музокаралар олиб борилди.
Хусусан, BMB Trade Group ва «РусАгроМаркет» улгуржи маҳсулот тарқатиш марказлари федерал тармоғи ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар доирасида Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида замонавий агрологистика мажмуасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган Ўзбекистон-Россия инвестиция лойиҳасининг турли хил мева-сабзавотларни узлуксиз етказиб бериш занжирини ташкил этишдаги аҳамияти муҳокама қилинди.
Ўз навбатида ишбилармонлар Ўзбекистон билан «яшил йўлак» режимида Россия Федерациясининг улгуржи маҳсулот тарқатиш марказлари тармоғи ҳамда Жиззах вилоятидаги Агрологистика мажмуаси ўртасида ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёр эканлигини қайд этишди.
Умуман олганда, агрологистика мажмуасининг Россиянинг улгуржи маҳсулот тарқатиш марказлари билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича эришилган келишувлар Ўзбекистондан миллий маҳсулотларни Россия истеъмолчиларига ишончли, узлуксиз етказиб беришни таъминлайди. Бу эса Ўзбекистон ва Россия муносабатларида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшади.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: