Самарқандда Ўзбекистон-Россия ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтмоқда.
Унда иқтисодиётнинг устувор тармоқларидаги истиқболли ҳамкорлик алоқалари ва кооперация лойиҳалари муҳокама қилинмоқда.
Форумда инвестиция лойиҳалари, саноат кластерлари, кооперация масалаларида муҳим вазифалар ўртага ташланди.
Шунингдек, ҳозирги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси бутунжаҳонда долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Форумда глобал жараёнларни тўғри баҳолаш мақсадида мазкур йўналишдаги ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида BMB NRC Agrologistics Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси томонидан замонавий агрологистика комплекси қурилмоқда. Бу ўзаро маҳсулотларни етказиб беришда замонавий ёндашувнинг муҳим омилларидан бири саналади.
Ўзбекистон ва Россия ишбилармонлари айни ҳамкорлик доирасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, келгусидаги режаларни мустаҳкамлаш бўйича муҳокамалар олиб борди.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: айтиш жоизки, замонавий агрологистика комплекси лойиҳасини амалга ошириш учун Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидан 40 гектар ер майдони ажратилган.
Агрологистика комплекси учта модулдан иборат бўлади. Ҳар бир модуль тўлиқ қувватга эга бўлганда, йилига 270 минг тоннагача қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўтказиш қувватига эга бўлади. Барча режалаштирилган модулларнинг умумий айланма қуввати йилига 810 минг тоннагача бўлади. Тўлиқ қувватга эришилганда мажмуада 200 нафар доимий ва 1400 нафар мавсумий ишчилар ишлайди.
Комплекс ҳудудида Росселхознадзор филиали ишлайди, шунингдек имтиёзли, ихтисослашган тарифлар ва «яшил йўлак» режими қўлланилади.
Бизнес-форум доирасида томонлар манфаатли ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталди.
Форум тафсилотлари билан таништириб борамиз…