Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистон Республикасига олий даражадаги ташрифи арафасида пойтахтимизда Ўзбекистон-Қозоғистон ҳудудлараро бизнес-форуми старт олди.

Мазкур тадбирда икки давлат вазирлик ва идоралари, дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этмоқда.
Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ҳамда Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – савдо ва интеграция вазири Серик Жумангаринлар давлатлар ҳамкорлигида долзарб йўналишлар ва ўзаро иқтисодий ўсишдаги мавжуд бўлган янги имкониятлар борасида фикрларини билдирди.
Бизнес форум доирасида юртимизда бизнеснинг кенг жабҳаларида фаолият юритиб келаётган BMB Trade Group компанияси вакиллари ҳам иштирок этдилар.
Хусусан, компаниямиз вакиллари қардош Қозоғистон Республикасидан ташриф буюрган ишбилармон доиралари вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш ва икки давлат иқтисодиёти ўсишига қаратилган ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича B2B музокаралар ўтказдилар.
Шуни таъкидлаш лозимки, Қозоғистон Республикаси раҳбарининг мамлакатимизга давлат ташрифи икки қардош халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши билан алоҳида аҳамиятга эгадир.