Маълумот учун: McCormick Global Ingredients компанияси АҚШнинг зираворлар етиштириш соҳасидаги йирик ташкилотларидан бири бўлиб, 130 йиллик тарих ҳамда ўн мингдан ортиқ мутахассисларига эга.
АҚШнинг McCormick Global Ingredients компанияси 6 ойдан буён BMB Trade Group компанияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, мамлакатимизда заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳасига катта қизиқиш билдириб келаётган эди.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, АҚШлик ҳамкорлар Жиззах вилояти Бахмал туманида етиштирилаётган заъфарон маҳсулотини ўрганиш учун плантацияга ташриф буюриб, бир неча босқичли лаборатория текширувларидан ўтказдилар.
Лаборатория таҳлилларига кўра заъфарон ўсимлиги намуналари юқори сифатли эканлиги тасдиқланди.
Учрашув давомида томонлар ўртасида заъфарон етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳаси доирасида яқиндан стратегик ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва миллий BMB Za’faron маҳсулотини АҚШ бозорларига экспорт қилиш юзасидан музокаралар ўтказилди.
Ўзбекистонга ишчи ташриф билан келган McCormick Global Ingredients ташкилоти вакили нафақат мамлакатимиз балки компаниямиз ҳақида илиқ таассуротларга эга бўлди.
Музокаралар якунига кўра, томонлар яқин келажакда икки томонлама стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва эришилган келишувларни хаётга тадбиқ этишга келишиб олдилар.