Жорий йилнинг 10-апрель куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда BMB Trade Group Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида барпо этилаётган замонавий агрологистика комплексида амалга оширилаётган қурилиш ишлари ва ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли учун мўлжалланган инфратузилмаларни яхшилашда энергетика вазирлиги билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув давомида компания томонидан мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган қатор халқаро қўшма инвестициявий лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Шу билан бирга, бугунги кунда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергияга бўлган эҳтиёж юқорилигини ҳисобга олган ҳолда янги ташкил этилган BMB Green Energy шўъба корхонаси фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, мазкур корхона хитойлик тадбиркорлар билан бир қатор истиқболли қўшма лойиҳалар муҳокамалари бўлиб ўтганлиги, шунингдек бугунга келиб BMB Green Energy ташкилоти мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия ускуналарини етказиб бериш бўйича Хитой Халқ Республикаси компаниялари билан жами 30 миллион АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланганлиги мамнуният билан қайд этилди.
Конструктив ва ишчанлик руҳида бўлиб ўтган учрашув якунида томонлар истиқболда энергетика ва бошқа бир қатор йўналишларда давлат-хусусий шерикчилик асосидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш борасида келишувга эришдилар.