Учрашув аввалида Бекзод Маматқулов BMB Trade Group компанияси мамлакатимизда амалга ошириб келаётган қатор қўшма инвестицион лойиҳалар билан жаноб Утайбийни қисқача таништириб ўтди.
Сўнг томонлар Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлари ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида савдо-иқтисодий ва инвестиция йўналишида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, июнь ойида Саудия Арабистони Атроф-муҳит, сув ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошчилигидаги бизнес делегация билан экспорт ва импорт йўналишидаги ҳамкорлик ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида учрашувлар ташкил этиш ва BMB Trade Group компанияси вакилларининг Саудия Арабистонига ишчи ташрифини амалга ошириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқот давомида Саудия Арабистони Қироллиги вакили томонидан Янги Ўзбекистон ривожланиш стратегияси, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликни либераллаштириш бўйича ислоҳотлар республикада тадбиркорлик фаолияти динамикасига ижобий таъсир кўрсатгани эътироф этилди.
Учрашув якунига кўра, томонлар BMB Trade Group ҳамда Саудия Арабистони Қироллиги ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида муҳокама қилинган масалалар юзасидан яқин орада учрашувлар ташкил этиш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олдилар.