Асосий агротехник қоидалар ва ўрнатилган талабларга тўлиқ риоя этган ҳолда амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида истеъмолчилар юқори сифатли маҳсулотларни олиши билан бир қаторда, ишлаб чиқарувчи ҳам юқори даромад олиш имкониятига эга бўлади.
Шу муносабат билан бугун Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида “Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон: Агробизнес имкониятларини кенгайтириш” мавзусида вебинар ташкил этилди.
Учрашувда BMB Trade Group компанияси ҳам иштирок этиб, дастлаб вебинар иштирокчиларини компания фаолияти билан яқиндан таништирди. Жумладан, компания томонидан Италиялик ҳамкорлар билан биргаликда Жиззах вилоятида амалга оширилаётган заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳасининг муваффақиятли амалга оширилиши тимсолида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўтказилаётган трансформациялар, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида маълумот берилди ҳамда аграр соҳасидаги Европа компанияларининг Ўзбекистонда бизнес фаолиятини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.
Сўнг, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва хусусий компаниялар томонидан аграр ва озиқ-овқат соҳасида қувватларни ошириш, янги тижорат имкониятларини ўзлаштириш, Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари компанияларининг муваффақиятли ҳамкорликларининг ижобий натижалари бўйича амалга оширилаётган муҳим қадамлар муҳокама қилинди.
Вебинар якунида бу каби учрашувларни келажакда ташкил этиш ва мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.