Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва унга мувофиқ қабул қилинган Давлат дастурларида мамлакат иқтисодиётини янада жадал ривожлантиришда иқтисодиётнинг локомотиви сифатида қурилиш соҳасига, хусусан янги бино ва иншоотлар, янги ишлаб чиқариш объектлари ҳамда хусусий тадбиркорлик, темир ва автомобиль йўллари, турар жой бинолари қурилишига алоҳида урғу берилган.
Шунга биноан, 2018 йил BMB Trade Group компанияси негизида қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентлари асосида кўп йиллик тажрибага эга, ўз сохасини чуқур биладиган етук кадрлар жам бўлган Jizzax Hi-Tech Group қурилиш компанияси ташкил этилди. Бугунги кунда ташкилот томонидан бир қанча йирик лойиҳалар устида пудрат ишлари олиб борилмоқда, жумладан:
– Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани саноат зонаси ҳудудида жами 40 гектар ер майдонида умумий қиймати 57,7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги Замонавий агрологистика комплексини барпо этиш Ўзбекистон-Россия қўшма лойиҳаси асосида, BMB-NRC Agrologistics Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси буюртмачи, Россия Федерациясининг Термокул компанияси бош пудратчи хамда Jizzax High-Tеch Group қурилиш компанияси субпудратчи бўлиб қурилиш ишларини олиб бормоқда. Ҳозирда объектда банк, ошхона, божхона, хожатхона ҳамда модуль бинолари тайёр холатга келтирилиб, охирги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
– Арнасой туманида “BMB-AGRO TRADE” озиқ-овқат кластери буюртмасига асосан жами 2,0 га майдонга эга бўлган махсус мошни қайта ишлаш ва чорвачиликка ихтисослашган комплекснинг қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, объект эксплуатацияга топширилди.
– Жиззах шаҳрида қад кўтарган, қолаверса ўзгача дизайнда янгиланган BMB Za’faron Hotel & Restaurantнинг 1-босқичида кўзда тутилган реконструкция ишлари олиб борилди. Ҳозирда замонавий ресторан тўлиқ топширилган, меҳмонхонанинг бир қисми фаолият юритмоқда. Қурилишнинг 2-босқичини амалга оширишда меҳмонхонанинг барча биноларида тўлиқ реконструкция ишлари режа асосида амалга оширилмоқда.
– Тошкент шаҳри Яккасарой туманида BMB Trade Group компаниясининг олти қаватли замонавий Бош офиси ва BMB Za’faron Hotel& Restaurant тармоғини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бугунги кунда BMB Trade Group компаниясининг олти қаватли Бош офиси ва BMB Za’faron Hotel& Restaurant биноларида қурилиш ва пардозлаш ишлари тўлиқ якунланди.
– Шунингдек, қурилиш компанияси томонидан BMB LOGISTIC компанияси негизида Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида компания тизимидаги кластерлар томонидан етиштирилган маҳсулотларни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, қадоқлаш ва хорижий давлатлар бозорига экспорт қилиш мақсадида умумий қиймати 27,17 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестициявий лойиҳасининг комплексини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ишлаб чиқариш биноси қурилиши ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини барпо этиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Қурилишни жорий йилнинг 3-чорагида тўлиқ якунлаб, топшириш ишларини амалга оширилиши режалаштирилган.
Қурилиш компаниясининг галдаги муҳим вазифаларидан бири замонавий қурилиш-монтаж лойиҳаси асосида BMB Trade Group компаниясининг Жиззах шаҳридаги бизнес марказини қуриш ишларини амалга оширишдир.
Хулоса қилиб айтганда, Jizzax High-Tеch Group қурилиш компанияси бугунги кунда юртимизда қурилиш тармоғида олиб борилаётган ишлар, хизматлар, миллий иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари қаторида иқтисодиётнинг асосий фондларини яратувчи қисми сифатида ўзининг ҳиссасини қўшиб келмоқда.