Мазкур халқаро ҳафталик доирасида Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва камчиликлар, навбатдаги долзарб вазифалар, давлат ташқи ва ички сиёсатининг устувор вазифалари тўғрисида конференциялар ташкил этилган.
Хусусан, бугун Тошкент шаҳридаги “Event Hall” тадбирлар мажмуасида “Янги Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги, хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбирда BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматкулов, компаниянинг Италиялик ҳамкорлари “HT Holding” президенти Роберто Туччи ва “Energy System” компанияси президенти Массимо Бушеми билан биргаликда иштирок этди.
Унда, 50 дан зиёд бизнес ҳамжамият, вазирлик ва идоралари, шунингдек, Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, Бирлашган Араб Амирлигининг “Masdar”, Хитойнинг “CEEC Energy”, Франциянинг “EDF” ва бошқа бир қатор компания раҳбарлари ўз маърузалари билан чиқиш қилди.
Ўз навбатида, “HT Holding” президенти Роберто Туччи ўз маърузаси давомида BMB Trade Group компанияси билан ҳамкорликда заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳасини амалга ошириш орқали эришилган ютуқлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестицион муҳити, Ҳукумат томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш учун яратилган шарт-шароитлар натижасида умумий қиймати 220 миллион евро бўлган Тошкент вилоятида чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисида тўхталиб ўтди.
Конференция иштирокчилари долзарб мавзулар бўйича ўзаро мулоқот қилиш, фикр ва тажриба алмашиш ҳамда хорижий Ҳукумат ва бизнес вакиллари орасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш имкониятига эга бўлишди.