Натижада Ўзбекистон ва Ўрта Осиёнинг барча давлатларига ушбу компания ўз хизматларини кўрсатиб келмоқда. Ҳозирги кунда 200 га яқин корхона Alibaba.com платформасида халқаро электрон савдо орқали ўз маҳсулотларини чет давлатларга экспорт қилмоқда. Компаниянинг Ўзбекистон имкониятларига бўлган қизиқишлари ортмоқда.
Жорий йилнинг 8 август куни Alibaba.comнинг вице-президенти Крис Жоу тарихда биринчи бор юртимизга ташриф буюрди ҳамда “BMB Trade Group” компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов билан учрашди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2022 йили BMB Export-Import Global компанияси Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳамда мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида Alibaba.com интернет савдо платформасида ўз саҳифасини яратган ва «Golden Supplier» мақомини қўлга киритган эди.
Мазкур саҳифада BMB Trade Group компанияси томонидан жаҳон бозорига экспорт қилиниши мумкин бўлган мамлакатимизда етиштирилаётган заъфарон, қуруқ мевалар, дуккакли маҳсулотлар, шунингдек, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳақидаги батафсил маълумотлар ўрин олган.
Ташриф доирасида Alibaba.com вакиллари ҳамкорлар, экспортчилар ва бу борадаги дастурларнинг давлат томонидан қай даражада қўллаб-қувватланаётганига гувоҳ бўлишди, шунингдек, йўналишдаги келгуси режалар билан яқиндан танишишди.
Шунингдек, кун давомида Alibaba.com компанияси стратегик ривожланиш бўйича вице-президенти Крис Жоу Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов билан ҳам учрашув ўтказди.
Учрашувда мавжуд электрон хизматлар орқали иқтисодий фаолиятни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесдаги тадбиркорларнинг электрон тижоратдаги кўникмаларини оширишга эътибор қаратилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда дуккакли ўсимликлар, турли мевалар бозори кенгайиб, экспорт даражаси ошмоқда. Alibaba.com компанияси стратегик ривожланиш бўйича вице-президенти Крис Жоу ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов билан ҳам шу куннинг ўзида учрашиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва соҳада амалга оширилаётган самарали ишлар билан танишди ва ўзаро ҳамкорликка оид мулоҳазаларини билдирди.