BMB-NRC AGROLOGISTICS комплексининг дастлабки қуввати фойдаланишга топширишга тайёр!

BMB-NRC AGROLOGISTICS комплексининг дастлабки қуввати фойдаланишга топширишга тайёр!
Ўзбекистонда амалий сафар билан бўлиб турган Сергей Лисовский бошчилигидаги россиялик ҳамкорлар BMB Holding компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, ўзбекистонлик мутахассислар ҳамда махаллий хокимият ва бошқарув органлари раҳбарлари иштирокида жорий йил 17 октябрь куни Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида барпо этилаётган BMB-NRC Agrologistics Ўзбекистон — Россия қўшма корхонасининг биринчи навбатини ишга тушириш билан боғлиқ кенг миқёсли тайёргарлик ишларини кўздан кечирдилар. Маълумки, мазкур йирик комплекс Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда Россия Федерациясига амалга оширган расмий ташрифи кун тартибидан ўрин олган қатор ҳамкорлик масалаларининг комплекс ижросини таъминлаш мақсадида бунёд этилаётган саноат манзиллардан биридир.
Қўшма лойиҳа иштирокчилари фойдаланишга топшириш арафасида турган комплекснинг барча объектларидаги қурилиш-монтаж, йўл-коммуникация ишларининг сифати, бино ва иншоотларда ўрнатилган жиҳоз ва ускуналар имкониятлари, яратилган шароит ҳамда қулайликлар билан танишиб, зарур маслаҳат ва тавсиялар билдирдилар.
Умумий қиймати 57,7 млн. АҚШ долларга тенг “Замонавий агрологистика комплекси”нинг янада катта салоҳиятини белгиловчи омил сифатида ҳамкор томонлар қисқа фурсатларда комплекснинг иккинчи босқичи қурилишига ҳам киришиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олишди.
Шу билан бирга, корхона ўз ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини юксалтириш орқали «Агроэкспресс» ихтисослашган сервисига уйғунлашиб, экспортга жўнатиладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тезкор контейнерли поездларда Россия ва Марказий Осиё давлатларига қисқа муддатларда етказишни ҳам назарда тутади.
Тадбирда иштирок этган Жиззах вилоят хокимининг биринчи ўринбосари А.Мустанов, вилоят прокурори И.Эргашхўжаев, вилоят ИИБ бошлиғи Ғ. Қодиров, вилоят солиқ бошқармасининг бошлиғи Б.Тошпўлатов фаолиятини бошлаш арафасида турган мазкур корхона пировардида, вилоятда мева-сабзавот етиштириш хажмини янада ошириш баробарида, уларни чуқур қайта ишлаш орқали юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни хорижий бозорларга экспорт қилиш, шунингдек, худудда янги иш ўринлари яратишни таъминлаш каби вазифаларни адо этишга ҳам хизмат қилишини алоҳида қайд этдилар.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: