BMB HOLDINGда ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Цзюнь билан учрашув ўтказилди

BMB HOLDINGда ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Цзюнь билан учрашув ўтказилди
Шу йилнинг 2 ноябрь куни BMB Holding Бош офисида компания Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Цзюнь ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида хитойлик дипломатлар BMB Holding компаниясининг кенг кўламли фаолияти, Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларида амалга ошираётган экспортга йўналтирилган йирик инвестициявий лойиҳалари тақдимоти билан танишишди.
Шундан сўнг меҳмонларга сабзавот ва меваларни ишлаб чиқариш ҳамда чуқур қайта ишлаш корхоналари, ХХР истеъмолчилари учун экспортбоп бўлган турли экинлар, хусусан, дуккакли ва полиз маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган “BMB Agro” кластернинг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Жиззах вилояти Бахмал туманида заъфарон етиштириш, сақлаш ва экспорт қилиш бўйича “BMB-OPERA ZAFFERANO” қўшма корхонасида италиялик ҳамкорлар билан амалга оширилган лойиҳа эса хорижий дипломатларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Хитой томонининг бу йўналишга қизиқиши бежиз эмас. Маълумки, ушбу давлат анъанавий равишда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, халқ табобати, тиббиёт, фармакология соҳасидаги ютуқлари билан дунёда илғор саналади. Қолаверса, кўплаб касалликларни даволашда самарали восита бўлган ва қатор дори воситаларининг кимёвий таркибидаги табиий компонент ҳисобланган ўзбек заъфарони Хитой бозорларида жуда талабгир.
Музокаралар якунида томонлар савдо бозорларини биргаликда ўзлаштириш ва иқтисодиёт ҳамда бизнеснинг турли соҳаларида потенциал шерикларни топишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: