«BMB-NRC Agrologistics» – Ўзбекистондаги энг йирик ва ягона агрологистика комплекси ишга тушди

«BMB-NRC Agrologistics» – Ўзбекистондаги энг йирик ва ягона агрологистика комплекси ишга тушди

Бугун «BMB-NRC Agrologistics» Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси биринчи босқичи ишга туширилиши муносабати билан тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда икки давлат хукуматининг расмий вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги, Инвестициялар, саноат ва савдо, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, ССП, Жиззах вилояти ва Ш.Рашидов тумани хокимликлар мутасаддилари, BMB HOLDING компанияси раҳбарияти, “O‘ZSANOATQURILISHBANK”, Ўзкарантин масъуллари, Давлат божхона қўмитаси ходимлари, вилоятлар хокимларининг инвестициялар бўйича ўринбосарлари, шунингдек, россиялик ҳамкорлар делегацияси, “ВЭБ.РФ” раҳбарлари, “Росселхознадзор” агентлиги вакиллари, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси дипломатлари иштирок этишди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган экспортёр агрокластерлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, хорижий импортёр компания эскпертлари, ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва жамоатчилик вакиллари ҳам тадбирда қатнашдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда икки мамлакат ўртасида ишонч ва мустаҳкам дўстона алоқаларга асосланган ҳамкорлик йўлга қўйилгани, ўзаро манфаатли мулоқотлар давом этаётгани ва турли соҳалардаги истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини қайд этиб ўтишди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Россия ва бошқа мамлакатларга тезкор ҳамда тўсиқсиз экспорт қилишга мўлжалланган мазкур корхона Ўзбекистон-Россия ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунаси экани таъкидланди.

 Дастур давомида қўшма корхонанинг яқин вақт ичида бошланиши режалаштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини сублимацион тарзда қуритиш ва шок усулида музлатишни назарда тутувчи умумий қиймати 225,1 млрд. сўм бўлган навбатдаги босқичлар қурилиши пойдеворига муқаддима сифатида рамзий капсулани қўйиш маросими ҳам ўтказилди.

Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги йўналишидаги 150 дан ортиқ йирик корхона вакиллари томонидан ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини намойиш этувчи кўргазма ҳам ташкил этилиб, экспозицияларни кўздан кечириш чоғида экспортёрлар ва импортёрлар ўртасида амалий мулоқотлар бўлиб ўтди. «BMB-NRC Agrologistics»да фаолият юритувчи барча хизматлар мутахассислари эса шу ернинг ўзида меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Корхонанинг расмий очилиш маросими иштирокчилари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мажмуа худудида боғ яратиш мақсадида кўчат экиш акциясида иштирок этдилар.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: