Мулоқот чоғида томонлар бугунги кунда Россия-Ўзбекистон муносабатларига алоҳида тўхталиб, икки мамлакат ўртасида ишонч ва мустаҳкам дўстона алоқаларга асосланган ҳамкорлик йўлга қўйилгани, ўзаро манфаатли мулоқотлар давом этаётгани ва турли соҳалардаги истиқболли лойиҳалар мувофаққиятли амалга оширилаётганини қайд этиб ўтишди.
Бу борада, айниқса, ҳукуматлараро яқин ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди. Бунинг натижаси ўлароқ, икки давлат ҳукумат раҳбарлари раислигида Қўшма комиссия тузилиб, самарали иш олиб борилмоқда. Унинг доирасида икки томонлама шерикчиликнинг барча йўналишларини стратегик ривожлантириш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.
Шунингдек, меҳмонларга Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ташкил этилаётган «BMB-NRC Agrologistics» Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасининг биринчи босқичи якунланиб, ишга туширилиши ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу ерда қисқа вақт ичида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга мўлжалланган замонавий мажмуа барпо этилди. Комплексда божхона, банк, логистика, экспресс лаборатория, сертификатлаштириш ва бошқа хизматлар «ягона дарча» тамойили асосида жойида кўрсатилади. Маҳсулотларни Россия ва бошқа мамлакатларга тезкор ҳамда тўсиқсиз экспорт қилиш учун BMB-NRC Agrologistics ҳудудида Россельхознадзорнинг аккредитацияланган лабораторияси ҳам фаолият олиб боради. Россиялик дипломатлар янги корхона Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ўзига хос намунаси бўлишини мамнуният билан таъкидладилар.
Учрашув давомида томонлар икки мамлакат ўртасида янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро экспорт-импорт операциялари ҳажмини янада юксалтириш бўйича ҳам фикр алмашдилар.