Азиз дўстлар! Муҳтарам қишлоқ хўжалиги соҳаси фидоийлари!
Сиз кунни кун, тунни тун демай, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда, аҳолининг соғлом ҳаёт кечиришлари учун зарур маҳсулотларни етиштиришда жон койитмоқдасиз, тер тўкиб меҳнат қилмоқдасизлар. Ҳар тонг яхши ниятлар билан далага отланасиз, халқимизнинг эртанги ризқи учун ўз ҳиссангизни қўшиб келмоқдасиз. Дастурхонимиздаги ноз-неъматлар сизнинг иродангиз, сабрингиз ва пешона терингиз самараси, буни яхши биламиз. Айниқса, бугунги озиқ-овқат тақчиллиги глобал хавф солиб турган мураккаб вазиятда тиним билмай меҳнат қилаётганингиз таҳсинга лойиқ.
Муҳтарам Президентимиз томонидан Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан йўлланган байрам табригида ҳам “ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ердан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир” дея алоҳида эътироф этилган.
Айнан сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз билан қадимий анъаналарга эга бўлган ўзбек деҳқончилик мактаби ривожланмоқда, аграр соҳа тараққиёти янги босқичга кўтарилмоқда. Бунинг тасдиғини бу йил мамлакатимизда илк бор 8 миллион 200 минг тонна ғалла, 3 миллион 800 минг тонна пахта, 15 миллион тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 26 минг тонна пилла етиштирилгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Бу борада BMB Holding компанияси ҳам сизлар билан елкама-елка туриб, мазкур ўта долзарб масалада ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хусусан, компания таркибидаги “ВМВ Аgro” ва “ВМВ Agroklaster” корхоналари сифатли мева-сабзавот экинлари етиштириб, ички ва ташқи бозорга рақобатбардош маҳсулотларни етказиб беришда катта ишларни амалга оширмоқда. Қолаверса, “ВМВ-OPERA ZAFFERANO” қўшма корхонаси томонидан тарихий шифобахш гиёҳ бўлмиш заъфарон етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича сезиларли муваффақиятиларга эришилмоқда.
Албатта, бу каби ютуқларда муҳтарам Президентимизнинг бизга яратиб бераётган шароитлари, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга оид қабул қилган қарор ва фармонлари муҳим ўрин тутмоқда. Шу нуқтаи назардан юртимизда 800 дан зиёд агрокластерлар ташкил этилган. Бугунги кунда пахта ва ғалланинг 100 фоизи, мева-сабзавот маҳсулотларининг 60 фоиздан ортиғи айнан улар томонидан етиштирилмоқда.
Бундай имтиёз ва имкониятдан унумли фойдаланиб, компаниямиз яқинда «BMB-NRC Agrologistics» Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси фаолияти йўлга қўйганини алоҳида таъкидламоқ лозим. Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида қад кўтарган ушбу ноёб комплекс мамлакатимиз минтақаларида етиштирилган турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш, божхона, банк ва санитар ҳужжатларини “Ягона дарча” тамойили асосида расмийлаштириш, транспорт, логистика хизматларини кўрсатиш каби хизматларни кўрсатади.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, экспортёрларимиз шу ернинг ўзида доимий равишда фаолият кўрсатадиган “Россельхознадзор”нинг аккредитацияланган лабораторияси сертификатлари билан Россия ва бошқа мамлакатларга тўғридан-тўғри экспортни йўлга қўйишлари мумкин. Бу ҳеч қандай тўсиқ ва оворагарчиликларсиз хориж бозорларига йўл дегани. Фурсатдан фойдаланиб, барча заҳматкаш миришкорларни, ишбилармон тадбиркору фермерларни яқиндан ҳамкорликка чорлаб қоламиз.
Сизларни яна бир бор Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин дилдан муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, мустаҳкам оилавий бахт ва ишларингизда янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Меҳнатингиз роҳатини, фарзандларингиз фароғатини кўриб яшанг!
Ҳурмат билан,
BMB HOLDING компанияси жамоаси!