Мулоқот аввалида меҳмонлар BMB HOLDING фаолияти, Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларида амалга ошираётган йирик ишлаб чиқариш, экспортга йўналтирилган инвестиция дастурлари тақдимоти билан таништирилди. Шундан сўнг хорижлик ишбилармонларга компаниянинг заъфарон етиштириш, сақлаш ва экспорт қилиш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш борасида амалга оширилган йирик лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Индонезия делегацияси раҳбари ўз мамлакати ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистон бизнес аҳли билан амалий алоқалар ўрнатишга катта қизиқиш билдираётгани ва бунда айниқса, аграр соҳа йўналишлари, хусусан шифобахш заъфарон гиёҳига бўлган талаб юқори эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, BMB Holding компанияси томонидан индонезиялик ҳамкорлар билан халқаро даражадаги консалтинг ва туризм хизматларини кўрсатиш, биргаликда янги бозорларни ўзлаштириб, муносиб бизнес-шериклар доирасини кенгайтириш, ҳаво транспорти орқали юк ташиш билан боғлиқ транспорт-логистика йўналишларини ишлаб чиқиш борасида биргаликда иш олиб боришга тайёр эканлиги қайд этилди.
Манфаатли мулоқот чоғида ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида Ўзбекистон-Индонезия тадбиркорлар палатасини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.