Жорий йилнинг 20 декабрь куни BMB Holding Бош офисида компания Кузатув кенгашининг раиси Б.Маматқулов билан Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Д.Ахатов ўртасида видеоконференция алоқаси орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳозирда мавжуд кенг кўламли иқтисодий ва савдо алоқаларини янада мустаҳкамлашда икки мамлакат бизнес доиралари ва хусусий сектор вакилларининг фаоллиги муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Шунингдек, элчихона раҳбари BMB Holding компаниясининг мавжуд катта салоҳиятини қайд этиб, халқаро даражада амалий ҳамкорликни йўлга қўйишда келаси йил январь ойида Берлинда ўтказиладиган қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва боғдорчилик маҳсулотларининг анъанавий “Яшил ҳафта” кўргазмасида ўз маҳсулотлари экспозицияси билан қатнашиш таклифини билдирди. Бу эса ўз навбатида, компания таркибидаги корхона ва кластерлар томонидан етиштирилиб, чуқур қайта ишланаётган турли экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нафақат Германия, балки Европа бозорларида ҳам муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.
Ўзаро манфаатли суҳбат давомида эътиборга лойиқ бошқа истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ кенг қамровли вазифалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, томонлар биргаликда янги истеъмол бозорларини ўзлаштириш ва бизнес ҳамкорлар доирасини кенгайтириш, муқобил транспорт-логистика йўналишлари орқали Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш бўйича биргаликда харакат қилишга келишиб олдилар.