Ўзбекистоннинг Швециядаги элчиси билан видеоконференция алоқаси орқали мулоқот бўлиб ўтди

Ўзбекистоннинг Швециядаги элчиси билан видеоконференция алоқаси орқали мулоқот бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 19 декабрь куни BMB Holding Бош офисида компания Кузатув кенгашининг раиси Б.Маматқулов билан Ўзбекистон Республикасининг Швеция Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Н.Ғаниев ўртасида видеоконференция алоқаси орқали мулоқот бўлиб ўтди.
“Онлайн” тарзда кечган манфаатли суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги мавжуд савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришда бизнес аҳли ва ишбилармонлар фаолигига алоҳида урғу берилди.
Маълумки, ушбу Скандинавия мамлакатининг қандолатчилик ва дори дармон саноатида заъфарон маҳсулотидан кенг фойдаланилади.
Шу боис, мулоқот давомида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида етиштирилиб, чуқур қайта ишланаётган шифобахш заъфарон ўсимлигини Швецияга экспорт қилиш янги бозорларнинг очилишига хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, холдинг таркибидаги аграр соҳага ихтисослашган корхона ва кластерларнинг турли экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қуритилган меваларни Қироллик бозорига етказиб берилиши билан боғлиқ вазифалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар биргаликда истиқболли бозорларни ўзлаштириш ва бизнес шериклар доирасини кенгайтириш, қулай транспорт-логистика йўналишлари орқали Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш бўйича яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: