Испанияга заъфарон етказиб бериш бўйича экспорт шартномаси имзоланди
Хабарингиз бор, холдингнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш бўйича келишувларни амалга ошириш мақсадида BMB Holding Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматкулов бошчилигидаги делегация европалик ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиш учун навбатдаги ишчи ташрифи билан айни вақтда Мадридда бўлиб турибди.
Жорий йилнинг 28 январь куни Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси кўмагида Мадрид шаҳрида AZAFRAN компанияси Президенти Карлос Фернандез билан BMB Holding таркибидаги корхона ва кластерлар томонидан етиштирилаётган BMB Za’faron ҳамда чуқур қайта ишланаётган турли экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Европа мамлакатларига, жумладан Испания бозорига етказиб бериш ва бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ кенг қамровли вазифалар муҳокама қилинди.
Ўз навбатида Карлос Фернандез, компанияси томонидан бир йил мобайнида ўзбек заъфаронини чуқур ўрганганлигини ҳамда барча лаборатория текширувларидан муваффақиятли ўтганлигини алоҳида эътироф этди.
Учрашув натижасида Испанияга умумий қиймати 3 миллион евро бўлган заъфарон етказиб бериш бўйича экспорт шартномаси имзоланди ва феврал ойидан бошлаб Испания бозорига биринчи экспорт амалиётини оширишга келишиб олинди.
Шунингдек, холдинг делегациясининг ишчи ташрифи давомида Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси кўмагида ACIR SOUTHERN EUROPE компанияси Президенти Эдуард Карленович Гулян билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув мобайнида қайта ишланган маҳсулотларни Испания ва Европанинг бошқа мамлакатлари бозорига экспорт қилиш, BMB Za’faron шифобахш маҳсулотининг экспорт ҳажмини ошириш, географиясини кенгайтириш ҳамда хорижий ташкилотларга биргаликда консалтинг хизматларини кўрсатиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.