РОССЕЛХОЗНАДЗОР ВАКИЛЛАРИ “BMB-NRC AGROLOGISTICS” МАРКАЗИДА

РОССЕЛХОЗНАДЗОР ВАКИЛЛАРИ “BMB-NRC AGROLOGISTICS” МАРКАЗИДА

РОССЕЛХОЗНАДЗОР ВАКИЛЛАРИ “BMB-NRC AGROLOGISTICS” МАРКАЗИДА

Ўзбекистоннинг экспорти кўрсатгичларига назар соладиган бўлсак, экспорт географияси борасида аниқ тасаввурга эга бўламиз. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023-йилнинг январь-ноябрь ойларида хорижга қиймати қарийб $1,1 млрд.га тенг бўлган 1,6 млн тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилган. Жаҳон бозорига чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 37,6% фитосанитар сертификат асосида Россия Федерациясига жўнатилган.

Рақамлардан маълум, Россия Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун катта бозор. Шундай экан тўсиқларсиз экспорт коридорларини очилиши алоҳида аҳамиятга эга ва бу жараёнда карантин хизматининг роли муҳим. Сабаби зарарли организмлардан холи мева-сабзавот муваффақиятли экспорт гаровидир. Шу нуқтаи назардан Бутунроссия ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот институти федерал давлат бюджет ташкилоти (ФГБУ “ВНИИКР”) билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида 15-19-январь кунлари россиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ўрганишлар олиб борилди.

“BMB-NRC Agrologistics” мажмуасининг синов лабораториялари ва ердаги замонавий ускуналарнинг имкониятлари, таҳлилларнинг аниқлик даражаси каби муҳим кўрсаткичлар бўйича ишлар олиб борилди. Олимлар дастлаб систа ҳосил қилувчи зарарли организмларни аниқлаш, лаборатория шароитида мазкур организмларни автомат равишда ажратувчи ускуна билан ишлаш методикаси, қарши кураш чораларини белгилаш борасида фикр алмашдилар.

Шунингдек, ПЦР усулида реал вақт режимида бактериал ва вирусологик касалликларни аниқлаш борасида Россия тажрибаси ўрганилди. Эътибор марказида бўлган масалалардан яна бири – Россияга экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг фумигация жараёнлари бўлди. Бунда фумкамераларнинг жойлашуви, фойдаланиладиган препаратлар кўриб чиқилиб, қўшма дастурлар асосида инспекторларнинг билим ва малакасини ошириш масаласи муҳокама этилди. Агрологистика марказида замонавий лаборатория таҳлилларини олиб бориш учун зарурий ускуналар таъминоти бўйича ҳам фикр алмашилди.

Ҳозирча Ўзбекистондаги энг йирик ва ягона агрологистик комплекс ҳисобланган мазкур объектда экспортга чиқарилаётган маҳсулотлар 6 йўналиш бўйича текширилади. 40 гектар ҳудудни ўз ичига олган марказда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сараланади, калибрланади, қайта ишланиб, қадоқланади. Шунингдек, сақлаш имконияти ҳам мавжуд. Яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг жаҳон стандартлари асосида етказилишига имконият яратилган.

Шубҳасиз, «BMB-NRC Agrologistics» қўшма корхонаси мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтириб, иқтисодий тараққиётининг ривожига, халқимиз фаровонлигининг ошишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Янгилик билан ижтимоий тармоқларда улашинг:

Тэглар:

Бошқа янгиликлар: