Ўзбекистоннинг Польшадаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 26 январь куни BMB Holding компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматкулов билан Ўзбекистоннинг Польшадаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, замонавий босқичда Ўзбекистон ва Польша муносабатлари, олий даражадаги мунтазам ва ўзаро ишончга асосланган мулоқот самараси ўлароқ, кўплаб соҳаларда жадал ривожланмоқда. Ҳар икки томоннинг сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илм-фан ва таълим соҳалардаги конструктив алоқаларни кенгайтиришдан бирдай манфаатдорлиги эътироф этилди.
Асосий эътибор юқори сифатли ва хавфсизлик кўрсаткичлари талабларига жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва етказиб бериш, қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти географиясини кенгайтириш, Бахмал туманида етиштирилаётган заъфарон етказиб бериш масалаларига қаратилди.
Ўзаро манфаатли суҳбат давомида эътиборга лойиқ бошқа истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ кенг қамровли вазифалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, томонлар биргаликда янги истеъмол бозорларини ўзлаштириш ва бизнес ҳамкорлар доирасини кенгайтириш, муқобил транспорт-логистика йўналишлари орқали Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш бўйича биргаликда харакат қилишга келишиб олдилар.