Ўзбекистон – Ўмон бизнес ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 13 февраль куни BMB Holding Бош офисида Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов билан Ўмон давлати йирик бизнес вакили Ҳассан Ал Ругайши учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу мулоқот Ўзбекистоннинг Ўмон давлатидаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилди. Чунки, икки давлат имкониятларидан самарали фойдаланиб, бизнес алоқаларни кенгайтириш ва ривожлантириш энг долзарб йўналишлардан саналади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Ўмон иқтисодий ва савдо алоқаларини янада мустаҳкамлашда икки мамлакат бизнес доиралари ва хусусий сектор вакилларининг фаоллиги муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ҳассан Ал Ругайши BMB Holding компаниясининг мавжуд катта салоҳиятини қайд этиб, халқаро даражада амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, чуқур қайта ишланган, рақобатбардош ва юқори қийматга эга экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Ўмон бозорига етказиб берилиши, ушбу давлатда айниқса шифобахш заъфарон маҳсулотига бўлган талабнинг юқори эканлигини эътироф этди.
Ўзаро манфаатли суҳбат давомида эътиборга лойиқ бошқа истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ кенг қамровли вазифалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, томонлар биргаликда янги истеъмол бозорларини ўзлаштириш ва бизнес ҳамкорлар доирасини кенгайтириш, муқобил транспорт-логистика йўналишлари орқали Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш бўйича биргаликда харакат қилишга келишиб олдилар.
Ҳассан Ал Ругайши BMB Holding Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқуловни Ўмондаги эркин иқтисодий зоналарга ташриф буюриб, у ердаги бизнесменлар билан янада кенгроқ йўналишларда ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш таклифини билдирди. Б. Маматқулов томонидан ушбу таклиф мамнуният билан қабул қилиниб, BMB Holding Форс кўрфази давлатлари билан савдо -иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасида иш олиб бораётгани, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиб, Ўзбекистоннинг экспорт кўрсаткичларини янада юқори даражага кўтариш борасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Келгусида аниқ йўналишларни қамраб олган бизнес учрашув Ўмон давлатида бўлишига келишиб олинди.