Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жонатан Хеник билан учрашув ўтказилди
Шу йилнинг 4 март куни BMB Holding Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жонатан Хеник ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида америкалик дипломатлар BMB Holdingнинг кенг кўламли фаолияти, Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларида амалга ошираётган экспортга йўналтирилган йирик инвестициявий лойиҳалари тақдимоти билан танишишди.
Қолаверса, сўнгги йилларда Ўзбекистон-АҚШ савдо-иқтисодий муносабатлар кўлами тобора кенгайиб бораётганлиги эътироф этилди. Хусусан, BMB Holding АҚШнинг McCormick Global Ingredients Ltd компанияси билан BMB Za’faronни АҚШ бозорига экспорт қилиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганлиги ҳамда жорий йил феврал ойи бошида қиймати 5 миллион долларлик шартнома имзоланиши, АҚШнинг энг йирик гипермаркетлар тармоқларидан бири бўлган COSTCO компанияси бошқарув кенгаши вакилининг BMB Holding корхоналарига ташрифи ҳамда ўзбек заъфарони, заъфарондан тайёрланган қўшилган қийматга эга маҳсулотларни Америка бозорларига, хусусан, COSTCO гипермаркетлар тармоғига етказиб бериш борасидаги келишувлар алоҳида қайд этилди.
✅ Учрашув якунларига кўра, элчи жаноблари икки мамлакат орасидаги ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилишга ҳамда мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланишга тайёр эканлигини билдирди. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг давоми ўлароқ, жорий йилнинг II чорагида BMB Holding делегациясининг АҚШга ишчи ташрифини ташкил қилишга келишиб олинди.