Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан учрашув ўтказилди
Жорий йилнинг 17 апрель куни BMB HOLDING бош офисида Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов ва Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги сиёсий ва савдо алоқалари жадал ривожланиб бораётганлиги, икки мамлакат ўртасида дўстона, иккала томон учун ҳам бирдек манфаатли ҳамкорлик мустаҳкамланаётганлиги мамнуният билан қайд этилди.
Шундан сўнг, элчи жаноблари бошчилигидаги дипломатларга, ҳолдингнинг заъфаронли маҳсулотлари, хусусан, заъфарон етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳамда тизимдаги корхоналар томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тўғрисида маълумот берилиб, компания эронлик ишбилармонлар билан икки томон учун ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги маълум қилинди.
Ўз навбатида, жаноб Муҳаммадали Искандарий бир қанча таклифларни илгари сурди. Жумладан, ўзининг мамлакати ҳудудидан BMB HOLDINGга логистика ва транспорт хизматлари кўрсатувчи компания ташкил этиш учун ер ажратиш ва маҳаллий, ишончли ҳамкор топишда амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, Эроннинг расмий вакили 27 апрель – 1 май кунлари Теҳронда бўлиб ўтадиган «Iran Expo-2024» халқаро саноат кўргазмасига ҳолдинг вакилларини таклиф қилди. Эронда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бир қанча маҳсулотлар, хусусан, дуккакли экинлар, ипак маҳсулотлари ҳамда бошқа бир қанча миллий маҳсулотларга талаб юқорилигини алоҳида қайд этди.
Учрашув якунида бугунги кундаги савдо-иқтисодий, экспорт-импорт масалалари ҳам атрофлича таҳлил қилиниб, яқин келажакда иккала томон учун ҳам бирдек манфаатли инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда кенг кўламли ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинди.