BMB-NRC AGROLOGISTICS МАЖМУАСИ ХАЛҚАРО БОЗОР УЧУН ЎЗИГА ХОС «КЎПРИК» БЎЛИШГА ТАЙЁР
Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифи доирасида BMB HOLDING тасарруфидаги BMB-NRC Agrologistics мажмуасида бўлди ва тизимдаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиб, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда BMB Za’faron бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини кўздан кечирди.
Дастлаб, Давлат раҳбарига ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов томонидан замонавий агрологистика мажмуасининг ўзига хос ноёб комплекс сифатида республикамизда етиштирилган турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қадоқлаш, сақлаш, божхона, банк ва санитар ҳужжатларини “Ягона дарча” тамойили асосида расмийлаштириш, транспорт, логистика хизматларини кўрсатиш каби амалиётлар жорий этилганлиги, шунингдек, экспорт билан шуғулланаётган корхоналар шу ернинг ўзида аккредитацияланган лаборатория сертификатлари билан хориж бозорларига, хусусан, 119 давлатга тўғридан-тўғри экспорт қилиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, BMB Opera Zafferano қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа қийматини келгуси уч йилда 80 миллион еврога, заъфарон етиштириш ҳажмини эса 1,8 тоннадан 20 тоннага етказиш режалаштирилаётганлиги маълум қилинди.
Кейинги йўналиш 20 дан зиёд қишлоқ хўжалиги, 15 га яқин турдаги BMB Za’faron брендли маҳсулотларни ўзида жамлаган кўргазма бўлди. Президент маҳсулотлар сифатини бирма бир кўздан кечираркан, бундай агрологистика мажмуаларини бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этиб, уларга муайян далаларни ва маҳаллаларни бириктириш, бу тадбиркор учун етарли маҳсулот, аҳоли учун кафолатли харид имкониятини беришини таъкидлади. Шунингдек, заъфарон етиштириш майдонларини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакат раҳбарининг BMB HOLDING замонавий агрологистика мажмуасига ташрифи давомида берган кўрсатмалари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг жадал давом эттирилиши, миллий заъфарончиликда ҳолдинг эришаётган натижалар борасида билдирган фикрлари кўп минг сонли жамоамиз олдида турган вазифалар кўлами ва масъулиятини янада ошишига хизмат қилаётир.