Беларусь Республикаси билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Хабарингиз бор, айни кунларда BMB HOLDING Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Беларусда бўлиб турибди.
Жорий йилнинг 14 май куни Минск шаҳрида Б.Маматқулов ҳамда Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Назаров Раҳматулла Жўрабоевич ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари ўртасидаги дипломатик, савдо-иқтисодий йўналишларда ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганлиги алоҳида таъкидланди ва келгусида беларуслик ишбилармонлар билан амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар истиқболлари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, «Аптекарский сад» комплексида фармацевтика йўналишида фаолият олиб борувчи «БЕЛАСЕПТИКА» компаниясининг таъсисчилари ва бошқарув раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.
Мазкур компания кўп асрлик Европа тажрибаси ва замонавий ландшафт дизайни технологиялари асосида доривор ўсимликлар етиштириш, парваришлаш уларни кўпайтириш ва электрон савдоси билан шуғулланади.
Суҳбат давомида қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, заъфарон ва бошқа доривор ўсимликлар етказиб бериш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, турли хил доривор ўсимликларнинг экспорт-импорти, уларни қайта ишлаш, ушбу йўналишда яқин келажакда иккала томон учун ҳам манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказилди.
Учрашув якунида яқин келажакда ҳамкорликда қўшма лойиҳалар ташкил этиш, маҳсулот айирбошлаш, экспорт-импорт, логистика йўналишларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.