BMB HOLDING Беларусь Республикаси тажрибасини ўрганмоқда
Хабарингиз бор, BMB HOLDING делегациясининг Беларусь Республикасига ташрифи давом этмоқда. Жорий йилнинг 15 май куни Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Пинск шаҳри Мэри Валерий Ребковец, Брест вилоятида жойлашган “Пинский” гўшт комбинати раҳбари Марина Пуслар ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
“Пинский” комбинати– Беларусь Республикасидаги гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш, ундан замонавий технологиялар ёрдамида истеъмол учун тайёр, яримтайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда 80 йилдан кўпроқ тажрибага эга мажмуа ҳисобланади.
Суҳбат аввалида мазкур замонавий комбинатнинг узоқ йиллик тажрибаси ҳамда фаолияти юзасидан маълумот берилди. Айни йўналишда ҳамкорликда йирик инвестициявий лойиҳалар ташкил этиш, маҳсулот айирбошлаш ва экспорт-импорт, логистика масалалари таҳлил қилинди.
Шундан сўнг учрашувнинг мантиқий давоми сифатида мамлакатдаги энг йирик супермаркетлар тармоқларидан бири “Санта Ритейл” компаниясининг тижорат директори Татяна Кречик билан музокаралар ўтказилди.
Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, юртимизда етиштирилаётган турли хил қишлоқ хўжалиги, шифобахш заъфарон маҳсулотларини мамлакатнинг йирик савдо нуқталарига етказиб бериш, савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун аниқ режа ҳамда стратегиялар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида Беларусь бозорларига, хусусан, тармоқли йирик савдо марказларига серқуёш заминимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва чуқур қайта ишланган маҳсулотлар, шифобахш заъфарон етказиб беришда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.