BMB HOLDING делегациясининг Беларусь Республикасига ташрифи давом этмоқда
Жорий йилнинг 14 май куни Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Беларусь Республикаси Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Николай Рогашук ҳамда Ўзбекистоннинг мазкур мамлакатдаги элчихонаси вакилларидан иборат делегация Гомель вилоятига ташриф буюришди.
Дастлаб “Припять» миллий боғи ҳамда унинг тасарруфидаги қуритиш ва ёғочни қайта ишлаш комбинати фаолияти ўрганилди. Мазкур мажмуа бош директори Юрий Анапович меҳмонларга ишлаб чиқариш жараёнлари, яратилган имкониятлар, хусусан, овчилик, балиқчилик, очиқ осмон остидаги табиий музей фаолияти ҳамда оилавий дам олиш зоналари ҳақида маълумот берди.
Кейинги манзил чорвачилик комплекси бўлди. Жараён давомида чорвачилик, гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш йўналишларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма лойиҳалар ташкил этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилиш, хусусан, ёғоч маҳсулотлари экспорт-импорти, товар айирбошлаш йўналишларида истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, суҳбат давомида томонлар республикалардаги туризм салоҳиятини ошириш, бунинг учун юқори сервис хизматларини йўлга қўйиш, айниқса, экотуризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида аҳамият беришди.
Учрашув якунида юқорида таъкидланган йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинди.