IRAN EXPO-2024 янги имкониятлар эшигини очмоқда
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 27 апрелидан бошлаб Теҳрон шаҳрида Эрон ислом Республикасининг экспорт салоҳияти кўргазмаси — IRAN EXPO-2024 бўлиб ўтмоқда. Мазкур халқаро тадбирда BMB HOLDING вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида 30 апрель куни қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, фармацевтика, логистика йўналишларида фаолият кўрсатувчи компаниялар вакиллари, эронлик тадбиркорлар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Хусусан, заъфарон етиштириш, ушбу шифобахш ўсимликни қайта ишлаш натижасида ундан турли хил маҳсулотлар, жумладан, заъфарон қўшилган печенье, қанд, ҳолва, асал, чой, қаҳва, соус, каби маҳсулотлар, шунингдек, қуритилган мевалар ишлаб чиқариш борасида тажрибалар ўрганилди ҳамда мазкур маҳсулотларга Эрон ҳамда жаҳон бозорларида талаб масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, кўргазма давомида Эрондаги аграр соҳага ихтисослашган компаниялар вакиллари билан ўтказилган суҳбатларда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ирригация ва мелиорация ишларини самарали ташкил этишда замонавий техникалардан унумли фойдаланиш, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш йўналишларида ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, логистика, экспорт-импорт йўналишларида фаолият кўрсатувчи корхоналар фаолияти билан яқиндан танишилиб, мазкур тизимларда учраётган муаммоларни бартараф этиш зарурлиги, жаҳон бозорларига юртимиздан маҳсулот экспорти ҳажмини ошириш борасида таклифлар ўртага ташланди.
Таъкидлаш жоизки, Эрондаги қурилиш учун зарур хомашёлар ва техникалар ишлаб чиқарувчи ҳамда экспорт қилувчи йирик компаниялар вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилиши билан бирга, уларга ҳолдинг таркибида айни шу соҳаларга ихтисослашган BMB HIGH-TECH корхонаси фаолияти тўғрисида маълумотлар берилди. Ўтказилган бир нечта музокаралар давомида эронлик тадбиркорларга BMB HOLDINGнинг кенг кўламли фаолияти ҳақида маълумотлар берилди ҳамда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.
Бир неча кундан бери кўплаб тадбиркорлар, йирик компаниялар вакилларини бир манзилга жамлаган халқаро саноат кўргазмаси давом этмоқда.