Кореянинг йирик инвестициявий компанияси раҳбари билан учрашув ўтказилди
Жорий йилнинг 7 май куни BMB HOLDING бош офисида Кореянинг KIDL компанияси раиси Ким Жае Жун билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги алоқалар йилдан-йилга ривожланиб бораётганлиги, иккала мамлакат яқин иқтисодий ҳамкор эканлиги мамнуният билан қайд этилди.
Шундан сўнг, Ким Жае Жунга кейинги йилларда BMB HOLDING томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган йирик инвестициявий лойиҳалар, тизимдаги корхоналар фаолияти ҳақида маълумотлар берилди. Ўз навбатида, кореялик олий мартабали меҳмон сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти учун яратиб берилаётган имкониятлар натижасида қулай инвестиция муҳити шаклланаётганини эътироф этди.
Мулоқот давомида бугунги кунда дунё бозорларида, хусусан, Кореяда ҳам юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талабнинг ортиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, юртимизда жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган мева ва сабзавотлар, полиз экинларини етиштириш, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш имконияти катталиги муҳокама этилиши билан бирга, бу йўналишда қилинадиган ҳар битта ишни тизимли ва аниқ режа асосида ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, музокаралар давомида кореялик тадбиркор мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги йўналишида мега лойиҳаларни амалга ошириш учун катта миқдордаги инвестиция киритишини маълум қилди.
Иккала томон учун ҳам бирдек манфаатли бўлган учрашув якунида яқин келажакда ҳамкорликда қўшма лойиҳалар ташкил этиш, маҳсулот айирбошлаш, экспорт-импорт, логистика йўналишларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.