ЎЗБЕКИСТОН МЕЗБОНЛИК ҚИЛАДИГАН ФУТЗАЛ БЎЙИЧА 2024 ЙИЛГИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИГА ҚУРЪА ТАШЛАНДИ
Юртимиз сўнгги йилларда халқаро миқёсидаги нуфузли футбол ва футзал бўйича мусобақаларини қабул қилиш юзасидан катта қадамларни ташламоқда. Айниқса, ФИФАнинг 2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионати мезбонлигини Ўзбекистонга ишониб топшириши бу борада олиб борилган кенг кўламли ишларнинг маҳсули бўлди.
Футзал бўйича дунё мундиалининг ҳал қилувчи учрашувлари мезбони сифатида учта бетакрор шаҳарлар – пойтахт Тошкент, қадимий Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Бухоро ва водий дурдонаси саналган Андижон танлаб олинди.
Жорий йилнинг 26 май куни Самарқанд шаҳрида футзал бўйича ФИФА Жаҳон чемпионати-2024 расмий қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур халқаро тадбирда хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари, экспертлар, соҳага муносиб ҳисса қўшган фахрийлар ҳамда расмийлар, хусусан, BMB HOLDING Кузатув Кенгаши Раиси, Ўзбекистон Футбол Ассоцияси ижро қўмитаси аъзоси Бекзод Маматқулов ҳам иштирок этди.
Қуръа натижаларига кўра Ўзбекистон Нидерландия, Парагвай, Коста Рика билан биргаликда «A» гуруҳидан жой олди.