ЎЗБЕКИСТОН ВА РОССИЯ ЎРТАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК МУНОСАБАТЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА МУҲИМ ҚАДАМЛАР ТАШЛАНМОҚДА
Жорий йилнинг 27 май куни BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов бошчилигидаги ҳолдинг вакиллари Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган Ўзбекистон-Россия Ҳудудлар кенгашининг биринчи мажлисида иштирок этишди.
Мазкур тадбирда икки мамлакат раҳбарлари ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатларда ижобий ўсиш суръатлари, хусусан, саноат кооперацияси, машинасозлик, нефт-газ, текстиль, сунъий интеллект, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, логистика, миграция ва бошқа кўплаб йўналишларда ўсишнинг юқори динамикаси қайд этилаётганини мамнуният билан эътироф этишди.
Эътиборлиси шундаки, кенгаш мажлисида BMB HOLDING ва Россиянинг «Национальная резервная корпорация»си билан ҳамкорликда амалга оширилган BMB-NRC Agrologistics лойиҳаси муваффақиятли ишга туширилгани юқори баҳоланди ҳамда мазкур мажмуани намуна сифатида мамлакатимизнинг ўнта ҳудудида ишга тушириш бўйича тегишли топшириқ ва вазифалар белгиланди.
Шунингдек, ҳолдинг вакиллари Ўзбекистон-Россия бизнес форумида ҳам иштирок этишди. Форум доирасида иккала мамлакатнинг вазирлик ва ташкилотлар, йирик компанияларидан вакиллар, тадбиркорлар ўртасида музокаралар, В2В форматида учрашувлар бўлиб ўтди.
Форум якунида бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, россиялик тадбиркорлар билан яқин келажакдаги истиқболли ҳамкорлик режалари белгилаб олинди.