ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ЛОЙИҲАЛАР ҲАМДА ҚУРИЛИШ ОБЪЕКТЛАРИ КЎЗДАН КЕЧИРИЛДИ
Жойларда ишларнинг бориши, объектларнинг сифатли, замон талабларига мос қурилиши ва экин майдонлари ҳолатини кўздан кечириш мақсадида жорий йилнинг 25 май куни Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов бошчилигидаги ҳолдинг раҳбарияти Жиззах вилоятига ташриф буюрди.
Дастлаб, BMB-NRC Agrologistics мажмуаси фаолияти ўрганилиб, сўнг BMB Agro Plus томонидан амалга оширилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш лойиҳасининг қурилиш жараёнлари билан танишилди. Қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича мутасадди раҳбарларга зарурий кўрсатмалар берилди.
Электр энергияси, сув ва газ қувурлари, коммуникация тармоқларини ўтказишда ҳар томонлама пухта ўйлаган ҳолда, келгусида самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, BMB Agroklaster фаолияти ҳам ўрганилди. Хусусан, ҳолдинг таркибидаги корхоналарга тегишли ер майдонлари, фермер ва томорқа хўжаликлари билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳолати ўрганилди. Майдонларда тегишли агротехник тадбирларни маромида бажариш, ҳосилдорлик юқори бўлиши учун табиий ўғитлардан ўз вақтида фойдаланиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ўз навбатида, ҳолдинг таркибидаги корхоналар томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспортга йўналтиришда уруғчилик ва кўчатчиликдан тортиб, бирламчи ва чуқур ишлашгача бўлган тўлиқ жараённи ўз ичига олиши ҳамда шу орқали ташқи бозорларга юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар етказиб берилиши учун замин яратилишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.