BMB AGROKLASTER`ДАГИ ПОМИДОР ВА БУЛҒОР ҚАЛАМПИРИ МАЙДОНЛАРИ ҲОСИЛ БЕРИШ АРАФАСИДА
Сўнгги йилларда нафақат юртимизда, балки бутун дунёда табиий ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ошиб бормоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги йўналишидаги корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликларидан маҳсулот кўчатини экишдан бошлаб то ҳосилга киргунча бўлган барча жараёнларга алоҳида аҳамият қаратишни талаб қилади. Айни шуларни инобатга олган ҳолда ўз фаолиятини олиб бораётган кластернинг дала майдонларида шу кунларда ишлар жадал давом этмоқда.
Миришкорларимиз Жиззах вилоятининг Арнасой, Ғаллаорол, Бахмал, Шароф Рашидов туманларидаги экин майдонларига сабзавот ва полиз маҳсулотларининг бир нечта турлари экишган, аграр соҳа мутахассислари томонидан кўчатларнинг ҳар кунлик ҳолати мониторинг қилиб борилмоқда. Айниқса, Арнасой туманидаги далаларга экилган помидор ва булғор қалампири кўчатлари гуллаб, ҳосилга кириш арафасида турибди. Маҳсулотлар пишиб етилгач, ҳолдинг таркибидаги BMB Agroplus корхонасига юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун юборилади.
Эзгу мақсад ила бирлашган кластер жамоаси юқори сифатли, жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган маҳсулотлар етиштириб халқимиз дастурхонининг тўкин-сочинлигига, ҳудуд экспорт салоҳиятига ҳисса қўшишни мақсад қилишган.