АРНАСОЙ ТУМАНИДА «ЧЎЛҚУВАР» УЛГУРЖИ ВА ЧАКАНА САВДО МАЖМУАСИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ
Жорий йилнинг 26 август куни Арнасой туманининг Чўлқувар МФЙ ҳудудида мазкур туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда замонавий савдо мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мажмуа ҳам улгуржи, ҳам чакана савдо қилишга ихтисослашган бўлиб, юздан ортиқ савдо расталарини ўзида жамлаган.
Тадбиркорлар ва маҳаллий аҳоли эндиликда турли хилдаги қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ҳамда хўжалик моллари савдосини улгуржи ва чакана нархларда мазкур мажмуада амалга оширишлари мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз жоизки, Ҳолдинг раҳбарияти Президентимизнинг тадбиркорлар халққа мададкор бўлиши кераклиги ҳақидаги ташаббусларини компания ташкил топган кундан бошлаб қўллаб-қувватлаб уни амалда ҳам кўрсатиб келмоқда. Хусусан, кўплаб чекка-чекка ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилашга, қишлоқ йўлларини замон талабларига мослаштиришга ҳамда интенсив деҳқончиликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшилди, электр ва сув тармоқлари тортилди ва бу ишлар давом эттирилмоқда.
Бу гал эса туман марказидан узоқда истиқомат қиладиган, савдо марказига эҳтиёжи бор Арнасой халқига юртимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида туҳфа сифатида ушбу мажмуа фойдаланишга топширилди.