ИНДОНЕЗИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ТУРИЗМ ВА КРЕАТИВ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
Жорий йилнинг 3 октябрь куни BMB HOLDING Бош офисида Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Индонезия Республикаси Туризм ва креатив иқтисодиёт вазири Сандиага Салаҳуддин Уно бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Индонезияда гастрономик, агро, зиёрат туризми йўналишларида биргаликда ҳамкорлик қилиш, зиёрат туризми йўналишида ҳар йили Индонезиядан жўнатиладиган 2 миллиондан ортиқ зиёратчиларни Умра сафаридан олдин Ўзбекистонга (шу жумладан, Бахмалдаги заъфарон плантацияларига) ташрифини йўлга қўйиш, Ўзбек-Индонезия миллий таомларини тарғиб қилувчи халқаро тадбир ўтказиш, BMB HOLDING тизимидаги ташкилотларда етиштирилган ва чуқур қайта
ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини Жанубий-Шарқий Осиё бозорларида реализация қилиш бўйича ҳамкорликда ишлаш ҳамда BMB Za’faron бренди остида етиштирилаётган заъфарон маҳсулотларини Индонезия бозорига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу учрашув узоқ йиллик ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида ўтказилди. Бинобарин, BMB GLOBAL SAYOHAT корхонаси фаолияти давомида сайёҳлик йўналишларида ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
Сандиага Уно — индонезиялик собиқ йирик тадбиркор, инвестор ва сиёсатчи, туризм ва креатив иқтисодиёт вазири ҳисобланади. У 2019 йилда Индонезияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида иштирок этган.
Мулоқот якуни бўйича, юқорида таъкидланган йўналишларда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва икки томоннинг ижобий тажрибаларини алмашиш мақсадида Ҳолдинг делегациясининг Индонезияга ташрифини амалга оширишга келишиб олинди.