ЎЗБЕК ЗАЪФАРОНЧИЛИГИ ТАРИХИДА ЯНГИ САҲИФА ОЧИЛДИ
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Жиззах вилоятининг Бахмал туманида BMB Za’faron қуритиш ва қайта ишлаш корхонасининг очилиш маросими ҳамда заъфарон туганак пиёзбошиларининг намунавий экиш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда BMB HOLDING, Жиззах вилояти ва Бахмал тумани ҳокимликлари, «Ўзсаноатқурилишбанк» раҳбариятлари, Италия ва Тожикистон давлатларининг мамлакатимиздаги элчилари, хорижлик ҳамкорлар, ОАВ вакиллари ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларидан вакиллар иштирок этди. Йиғилганлар корхона фаолияти ва заъфаронли маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.
Бугунги кунда мазкур заъфарон плантацияси нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида яхлит ҳудудда жойлашган энг йирик плантация ҳисобланиб, қадр-қиммати ва юқори сифати билан ўз ўрнини эгаллаган. Шунингдек, Ҳолдинг ташаббуси билан BMB Za’faron бренди яратилиб, ҳозирги кунда мазкур бренд остида 20 га яқин заъфаронли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Заъфарон плантацияларини кенгайтириш, қуритиш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳасининг умумий қиймати 120 млн. еврони ташкил этади. Жумладан,
– 70 млн. евро тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар;
– 37 млн. евро ўз маблағи;
– 13 млн. евро кредит маблағлари ҳисобланади.
Ўтган давр мобайнида мазкур лойиҳа доирасида 60,8 млн. евро инвестициялар ўзлаштирилиб, қарийб 120 та доимий ва 25 минг нафар мавсумий иш ўринлари яратилган.
Шу билан бирга, лойиҳа ташаббускори томонидан қўшимча равишда киритилган 5 млрд. сўм сармоя натижасида 2,5 км га яқин йўлларга бетон қопламаси ётқизилиши ва 25-30 км узунликда электр тармоқлари тортиб келиниши орқали аҳоли электр энергияси билан таъминланиши ушбу ҳудуд учун нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамият касб этади.
Қолаверса, мазкур йилда заъфарон майдонларида ноу-хао сифатида польшалик мутахассислар билан ҳамкорликда AgroNanoGel гидрогель маҳсулотини қўллай бошланди. Ушбу маҳсулот синов якунига кўра оммалаштирилади, қолаверса, заъфарон ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларида сув сарфини сезиларли даражада камайтиради.
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Жиззах вилоятига амалга оширган ташрифлари давомида берилган кўрсатмаларининг ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Келгусида булар ўз мевасини бериб, халқимизнинг ижтимоий ва иқтисодий фаровонлигига катта ҳисса қўшишига хизмат қилади.