Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент вилояти, Чиноз тумани М-39 магистраль йўли бўйида BMB HOLDING ташаббуси билан қиймати 18 миллиард сўм бўлган BMB Village мажмуасининг биринчи босқичи ишга туширилди.
Гастрономик, туристик ҳамда логистик қулайлик яратишда аҳамиятга эга лойиҳа ўзида Заъфарон миллий таомлари ресторани, ҳостел, ҳаммом, автотураргоҳ, автоювиш шаҳобчасини жамлаган.
Мажмунинг киравериш қисми классик шарқона усулда безатилган бўлиб, ўзига хос миллий муҳитни акс эттирувчи ландшафт дизайнидан фойдаланилган. Ундаги чархпалак ва сўлим айвонлар билан уйғунлашиб кетган замонавий ва шарқона услубда бунёд этилган Заъфарон миллий таомлари ресторани бир қанча таркибий қисмлардан иборат бўлиб, корпоратив овқатланиш учун умумий зал, дўстлар ёки оила даврасида таомланиш учун алоҳида хоналардан ташкил топган. Ресторанда нафақат миллий таомлар, балки Европа, Туркия ошхонасининг энг мазали таомлари ҳам тайёрланади.
Шунингдек, мазкур мажмуада хордиқ чиқариш учун Ҳостел, зарур гигиеник воситалар билан таъминланган ҳаммом, автомашиналар учун хавфсиз ва қулай автотураргоҳ ҳамда автоювиш шаҳобчаси ҳам бунёд этилган. Мажмуада келгусида электромобиллар учун ҳам қувватлаш ускуналари ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш хизматини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Ҳолдинг томонидан келгусида мазкур андоза асосида республикамизнинг бошқа вилоятларида халқаро магистраль йўлларнинг бўйида ресторан, ҳостел, автотураргоҳ, автомобиль ювиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш имкониятига эга кенг тармоқли BMB Village мажмуаларини очиш режалаштирилган.
Хусусан, лойиҳанинг иккинчи босқичи 2025 йил 1 январга қадар ишга туширилиши кўзда тутилган бўлиб, унда 200 та автомашинага мўлжалланган кенг тармоқли автотураргоҳ, катта юк машиналари ва енгил машиналарни ювиш, уларга комплекс равишда кенг кўламли техник хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа хизматларни амалга ошириш имкони мавжуд бўлади.
Мамлакатимизда шу каби ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларнинг амалга оширилиши, ҳалқаро магистраль йўллардаги инфратузилмаларни янада яхшиланишига, туризмни ривожланишига, ҳудудлар иқтисодий кўрсаткичларини ошишига хизмат қилади.