Жорий йилнинг 16 ноябрь куни BMB HOLDING Бош офисида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда Groceries Impex компанияси асосчиси Випин Аггарвал ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда дастлаб, савдо-иқтисодий шерикликни йўлга қўйиш, хусусан, Ҳолдинг тизимидаги корхоналарда етиштирилаётган маҳсулотларни ҳинд бозорларига етказиб бериш, заъфарончилик йўналишида ҳамкорлик қилиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, В. Аггарвал жорий йилнинг 15 ноябрида Жиззах вилоятига қилган ташрифи (https://t.me/bmbtg/2332) таассуротлари билан бўлишаркан, ҳудуддаги корхоналарнинг имкониятларини юқори баҳолади. Заъфароннинг хусусиятлари ҳақида ёзилган муаллифлик рисоласини Ҳолдинг Кузатув Кенгаши раисига совға қилди. Ўз навбатида Б.Маматқулов икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини маълум қилди.
Қолаверса, заъфарон етиштириш, қуритиш ва қайта ишлаш бўйича тажриба алмашиш, ўзбек зафаронини, қуритилган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ҳиндистонга экспорт қилиш юзасидан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.